Ўзбекистонда пахта ҳосили учун давлат режаси ва давлат буюртмаси тизимидан 2020 йилдаёқ воз кечилади, ҳокимлар эса пахта масаласи билан шуғулланмайди. Бу ҳақда қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев Халқаро пресс-клубда ўтказилган анжуманда маълум қилган.
Ўзбекистон президенти 4 февраль куни ўтказилган қишлоқ хўжалигида кластерлар фаолиятини янада ривожлантириш масалалари бўйича йиғилишда ана шундай топшириқ берганини урғулаган вазир Хўжаев давлат тавсияси ёки маслаҳати билан экин экиш қишлоқ хўжалиги тажрибаларига зид ҳолат, деб ҳисоблашини билдирган.
Хўжаевга кўра, “давлат буюртмасидан воз кечдик дегани қишлоқ хўжалиги соҳасининг трансформация қилишни бошладик дегани”дир.
Ўзбекистонда пахтачилик кластерлари фаолиятини такомиллаштириш, пахта ва ғалла етиштиришда давлат режасини босқичма-босқич бекор қилиш кўзда тутилаётгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган.