Коронавирус туфайли Хитойдан жами 584 ўзбекистонлик қайтарилди

Иллюстратив сурат.

Ҳукумат комиссияси қарори билан жорий йилнинг 4-6 февраль кунлари Ўзбекистонга Хитой Халқ Республикасининг Пекин шаҳридан 2 та ҳамда Ухан провинциясидан 1 та чартер рейслар орқали жами 584 нафар ватандош олиб келинган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги коронавирус инфекциясига қарши курашиш штаби маълумот тарқатди.

Агентликка кўра, Хитойдан қайтган ўзбекистонликларнинг барчаси шу кунда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига биноан махсус тайёрланган муассасаларга жойлаштирилган ва 14 кун муддат давомида (касалликнинг яширин даври давомида) тиббий назоратга олинган.

Ўзбек расмийлари иддаосича, Хитойдан қайтганлар учун махсус тайёрланган муассасаларда барча зарурий шароитлар яратилган.

Бироқ карантинда сақланаётган ўзбекистонликларнинг яқинлари уларнинг “ифлос, чанг ва совуқ” хоналарга жойлаштирилганини айтмоқдалар.

Facebook тармоғидаги TROLL.UZ саҳифасида ёйинланган гувоҳликка кўра, 4 февраль куни пуллик рейс билан Пекиндан қайтганлар Тошкент вилоятидаги “Бўстон” оромгоҳига жойлаштирилган. Улар оромгоҳ ташрифчиларни қабул қилишга ҳозир бўлмагани, бу ерда зарур шарт-шароит яратилмагани, хоналарда сувараклар югуриб юрганидан шикоят қилганлар.