Пайшанба куни АҚШ президенти Дональд Трамп Яманда Америка ўтказган махсус амалиёт мобайнида “Арабистон ярим оролидаги “Ал Қоида” (АЯАҚ) террор гуруҳининг етакчиси Қасим ар-Райми йўқ қилингани тўғрисида баёнот берди.
Ар-Райми раҳбарлигида АЯАҚ “тинч яманликларга қарши ақл бовар қилмас шафқатсизларча муносабатда бўлган, Қўшма Штатларга қарши кўплаб ҳужумларни уюштирган ва илҳомлантирган", деди президент Трамп.
Ар-Раймининг ўлими АҚШ миллий хавфсизлиги учун таҳдид бўлган АЯАҚ ва “Ал Қоида”ни кучсизлантиради, дея таъкидлади Трамп, шу билан бирга ар-Райми қачон ўлдирилганига ойдинлик киритмади.
The New York Times газетасининг маълум қилишича, АҚШ бир неча ой мобайнида Ар-Раймининг қаердалигини аниқлаган. Марказий Разведка бошқармаси 2019 йил ноябрида Ямандаги манбасидан унинг қаердалигига оид маълумотни олган.
Ямандан келган хабарга кўра, Ар-Райми бир неча кун аввал учувчисиз дрондан Марибга берилган зарба оқибатида ўлдирилган.
Бундан аввалроқ АЯАҚ Флоридадаги ҳарбий базага уюштирилган ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган эди. Ҳодиса 2019 йил декабрида юз берди: Саудиялик курсант Америка ҳарбийларига қарата ўқ узди, бунинг оқибатида уч ҳарбий вафот этди, яна саккиз нафари жароҳат олди. Ҳужум қилган курсант ҳам ўлдирилди. Федерал Тергов бюроси авиабазадаги отишмани теракт деб атади.
Вашингтоннинг маълумотларига қараганда, Ар-Райми 1990 йилларда "Ал-Қоида" сафларига қўшилган, Афғонистонда гуруҳнинг ўша вақтдаги раҳбари Усама бен Ладеннинг топшириқларини бажарган.
2019 йил октябрда АҚШ Сурияда “Ислом Давлати” террор гуруҳига зарба берди ва Сурияда унинг раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодий ва унинг ёрдамчиси Абу Ҳасан ал-Мухажирни йўқ қилди.