Азимжон Асқаров қирғиз расмийларини судга берди

Ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров.

2010 йилдаги қонли ҳодисалар ортидан умрбод қамоққа ҳукм қилинган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров Қирғизистон ҳукуматини судга берди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизматига унинг адвокати Валерьян Вахитов маълум қилган.

Адвокатга кўра, мамлакат ҳукумати БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг А. Асқаров ишини қайта кўриб чиқиш борасидаги қарори ҳамда халқаро мажбуриятларни бажармаяпти.

Шу муносабат билан Азимжон Асқаров Бишкек туманлараро судига ариза йўллаган, аммо ариза қачон кўриб чиқилиши ҳали маълум эмас.

Азимжон Асқаров қарийб 10 йил аввалги қонли ҳодисалардан кейин тартибсизликлар уюштирганлик ва милиция ходимини ўлдиришда қатнашганлик гумони билан қўлга олинган. Барча инстанциялардаги судлар қарори билан у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

2016 йилнинг апрелида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Қирғизистон расмийларини инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ишини қайта кўриб чиқишга чақирган. Қўмита ўз қарорини ноқонуний қўлга олиш, қийноқлар қўллаш ва Азимжон Асқаровни оғир шароитларда сақлаб турилиши билан асослаган. Қирғизистон суди ишни янги ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиққан, бироқ ҳукмни ўзгаришларсиз қолдирган.

Аввалроқ Қирғизистон Олий суди умрбод қамоққа ҳукм қилинган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров ишини “янги ҳолатлар очилгани муносабати билан” қайта кўриб чиқиши ҳақида хабар тарқалганди.