“Илҳом”чилардан театр биносини бўшатиб қўйиш сўралди

Тошкентдаги Shodlik Palace меҳмонхонасини хусусийлаштириб олган Ofelos Plaza компанияси “Илҳом” театри жамоасидан апрель охиригача бинони бўшатиб қўйишни сўради, дея хабар қилади Газета.уз.

Давлат томонидан 1976 йилда театр асосчиси марҳум Марк Вайлга ажратиб берилган маконнинг йўқотилиши, жамоа фикрича, театр учун ўлим ҳукмининг ўқилиши билан тенгдир.

Ofelos Plaza хатида ёзилишича, жорий йилда Тошкентнинг Шайхонтоҳур туман ҳокимияти талаби билан бинони тўлиқ реконструкция қилиш ишлари бошланади. Бунга шаҳар марказида жойлашган ёқимсиз кўринишдаги бинонинг ташқи қиёфаси пойтахтнинг умумий манзарасини бузиб тургани сабаб қилиб келтирилган.

“Илҳом” жамоаси Ўзбекистон ҳукумати, томошабинлар, журналистлар, дипломатлар ва халқаро ҳамжамиятни театрни сақлаб қолишга чақирган. “Фақатгина сизнинг ёрдамингиз билан буни рўёбга чиқара оламиз”, дейилади жамоа баёнотида.

“Илҳом”чилар 12 февраль куни бу масалага бағишланган матбуот анжумани ўтказмоқчилар.