Ўзбек-қирғиз чегарасида тиббий ниқоб олиб ўтишга уринган ўзбекистонлик қўлга олинди

Иллюстратив сурат.

Ўзбек-қирғиз чегарасидаги “Маданият” назорат-ўтказиш масканида қирғиз чегарачилари тиббий буюмларни ноқонуний олиб ўтишга уринган ўзбекистонликни қўлга олди. Бу ҳақда Қирғизистон давлат чегара хизмати матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Айтилишича, Қирғизистондан Ўзбекистонга ўтиб кетаётган 19 ёшли йигитнинг ёнидан 300 дан зиёд тиббий ниқоб топилган.

Қирғизистон ҳукуматининг 3 февралдаги қарорига биноан, дори воситалари ва тиббий буюмларни мамлакат ҳудудидан олиб чиқишга 6 ойлик тақиқ жорий қилинган эди. Дорихоналарга бир кишига 20 тадан кўп ниқоб сотмаслик тавсия этилган.

Аввалроқ Ўзбекистондаги дорихоналарнинг 70 фоизида тиббий ниқоб қолмагани ҳақида хабар қилинганди. Қолган дорихоналарда ниқоблар нархи 1000 сўмдан 5000 сўмгача кўтарилган.