Президент Шавкат Мирзиёев 11 февраль куни коррупцияга қарши курашиш ҳамда жамоатчилик назорати тизимларини такомиллаштириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди¸ деб хабар берди президент матбуот хизмати.
Йиғилиш ҳақидаги хабарда ëзилишича¸ «ўзбекистонликлар фикрича¸ соғлиқни сақлаш, таълим, банк, божхона, суд, прокуратура, ички ишлар, коммунал хизмат соҳаларида, шунингдек, фуқароларни ишга қабул қилишда коррупция кенг тарқалган».
Президинт раислигида ўтказилган мажлисда хусусан соғлиқни сақлаш тизимидаги харажатларнинг 25-30 фоизи самарасиз сарфланаëтгани¸ кўплаб соҳаларда давлат харидларини амалга ошириш тизимининг очиқ-ошкора эмаслиги танқид қилинган.
20 январь куни Олий Мажлисда қилган Мурожаатномасида Шавкат Мирзиëев коррупцияга қарши курашишга масъул алоҳида орган тузишни таклиф қилган эди.
11 февраль кунги йиғилишда ушбу янги тузилмани ташкил этиш масалалари муҳокама қилинган.
Йиғилишда¸ коррупция даражаси юқори бўлган соҳаларда бу иллатдан қутулиш бўйича дастур ишлаб чиқиб, ижросини ташкил этиш юзасидан кўрсатмалар берилган.
Хусусан¸ Адлия вазирлиги ва Бош прокуратурага Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда вазирлик, компания ва ҳокимликларда ички коррупцияга қарши чораларни ишлаб чиқувчи ва амалга оширувчи “комплаенс назорат” тизимини жорий этиш вазифаси қўйилган.
«Хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда, давлат хизматчилари мол-мулки ва даромадларини декларация қилиш тизиминининг барча ташкилий-ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиб, амалиётга киритиш шартлиги таъкидланди»¸ дейилади президент матбуот хизмати эълон қилган хабарда.