Аппеляция суди Қўқон отишмаси иштирокчиларини қамоқда қолдирди

Қўқондаги отишма 6 февраль куни юз берган эди.

11 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судининг аппеляция судлов ҳайъати Қўқон шаҳридаги “Шедевр” чойхонаси олдида отишма содир этган шахсларга нисбатан қўзғатилган маъмурий қамоқ масаласини кўриб, жазони ўзгаришсиз қолдирди.

6 февраль куни кечаси қирқма ов милтиғидан кўп сонли жароҳат олган уч йигит ҳозирча Фарғона вилояти ИИБ изоляторида сақланмоқда ва улар Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги 1-сонли тергов изолятори (Тоштурма)га ўтказилади. 5 кундан бери таналаридаги ўқлар билан сақланаётган йигитларнинг яқинлари уларнинг аҳволи яхши эмаслигини иддао қилишмоқда.

Ўғлимнинг сочлари калга олинган, уларни аввал Зангиотадаги изоляторга, сўнг Тошкентдаги Сангородга олиб боришмоқчи. Мен унинг соғлиғидан хавотирдаман, ўқлар ҳали ҳам олингани йўқ, малакали тиббий ёрдам йўқ. Унинг айби ўлмай қолганими?” дейди ҳодиса иштирокчиси Бахтишод Мамажоновнинг онаси Сайёра Баратова.

Озодлик ҳодиса иштирокчиларининг 8 февраль куни Фарғона тумани судига олиб борилгани ва уларга ўн суткалик қамоқ жазоси тайинлангани ҳақида хабар қилган эди.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг хабар қилишича, 6 февраль куни соат 00.10 ларда Қўқон шаҳар, Генерал Узоқов кўчасида жойлашган чойхонада бир фуқаро чойхона кириш эшиги олдида турган уч кишини ов милтиғидан икки марта ўқ отиб яралаган ва воқеа жойидан яширинган.

Воқеа ўқ отган ва ўқ еганларнинг ўзаро жанжали ортидан юз берган.