Янги турдаги коронавирус тарқалишига қарши кураш ва уни иҳоталаш бўйича Хитойда амалга оширилаётган ишларни дастаклаш мақсадида Ўзбекистондан бу мамлакатга инсонпарварлик ёрдами жўнатилади. Бунга оид фармойишни президент Шавкат Мирзиёев куни кеча имзолаган.
Газете.uz нашрининг Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизматидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилишича, инсонпарварлик юки Хитойда шу кунда эҳтиёж юқори бўлган тиббий маҳсулотлар - бир марта ишлатиладиган қўлқоплар, ҳимоя комбинезонлари, тиббий ниқоблар ва бошқаларни ўз ичига олган.
Инсонпарварлик ёрдамини Хитойга етказиш вазифаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги зиммасига юкланган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойнинг Ухан шаҳрида қайд этилган вирусдан ўлганлар сони 1113 кишига етган, вирусни юқтириб олганлар сони эса 45 минг нафарга яқинлаган.