Коронавирус эпидемияси тарқаган Хитойдан қайтиб келган 771 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳозирда карантинда сақланмоқда.
Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги маълум қилди.
“Январь ойидан бери Хитойдан қайтган 3447 Ўзбекистон фуқароси тиббий текширувдан ўтказилди. Улардан 2676 нафарида 14 кунлик инкубация муддати тугаганидан сўнг коронавирус инфекцияси аломатлари топилмади.
Ҳозирда врачларнинг икки ҳафталик назорати остида яна 771 одам қолмоқда”¸ дейилади агентлик хабарида.
11 февраль куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўз сайтида карантинда қолаëтганлар шароитига оид махсус фоторепортажни эълон қилди.
“Хитойдан учта чартер рейс орқали юртимизга олиб келинган фуқаролар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, 14 кун давоми (касалликнинг яширин даври)да тиббий кузатувга олиш мақсадида махсус тайёрланган муассасаларга жойлаштирилди. Ушбу муассасаларга жойлашган фуқаролар бу ердаги яратилган шарт-шароитлардан мамнун”¸ дейилади вазирлик хабарида.
Ҳозирга келиб Хитойда тарқаган коронавирус инфекциясидан ўлганлар сони 1000 дан ошди.
Инфекцияга чалинган 44 000 дан ошиқ одамнинг аксарияти хитойликлардир. Ҳозирча Марказий Осиëда коронавирусга чалинганлар борлигига оид расмий маълумот йўқ.