Янги Транспорт вазири: “Ўзбекистон ҳаво йўллари” каби монополия бошқа бўлмайди!

Савдо вазири бўлиб ишлаб келган Элëр Ғаниев (орқа қатор чапдан иккинчи) ўтган ой тузилган янги ҳукуматда Очилбой Раматов (олд қатор ўртада) ўрнига Транспорт вазири бўлди.

Ўтган ой Ўзбекистон Транспорт вазири этиб тайинланган Элëр Ғаниев мамлакат авиация тизимининг ягона монополисти бўлиб қолаëтган “Ўзбекистон ҳаво йўллари”ни танқид қилди.

Ўзбекистонда ўтказиладиган биринчи халқаро авиация форумига бағишланган матбуот анжуманида Ғаниев¸ бундан сўнг ЎТЙ монополиясининг тугатилишини таъкидлади.

Транспорт вазири Ўзбекистонда янги авиакомпаниялар тузиш¸ айни пайтда¸ хориж авиаташувчиларини жалб қилиш бўйича ишлар олиб борилаëтганини билдирди.

“Биз хориж авиаширкатларини Ўзбекистон резиденти бўлиш шарти билан ўз бозоримизга таклиф этаяпмиз. Ҳозирча тўрт компания билан музокаралар олиб борилаяпти”¸ деди жумладан Ғаниев.

Вазир келаси 2-3 йил ичида Ўзбекистонда камида 5-6 авиаширкат пайдо бўлиши ва йўловчи ташиш кўрсаткичининг 2-3 бараварга ошишини ваъда қилди.

Мамлакатда қатор юк ташиш ҳаблари ҳам яратилишини билдирган Ғаниев¸ хусусан¸ Навоий аэропортини ривожлантириш режаси ҳақида гапирди.

Ўзбекистон аэропортларининг хориж ширкатлари бошқарувига берилишига ҳам тўхталган Ғаниев¸ бу жараëннинг тендер асосида ўтказилишини айтди.

Элëр Ғаниев парламент сайловларидан сўнг 21 январь куни тузилган ҳукуматда Очилбой Раматов ўрнига Транспорт вазири этиб тайинланди.

Президент транспорт соҳасидаги аҳволни кескин танқид қилгани ортидан¸ бу тизимда жиддий текширув ва реструктуризация жараëни бошлангани айтилмоқда.