Туркия президенти Россияни Идлибдаги тинч аҳолига ҳужум қилаëтганликда айблади

Идлиб яқинидаги турк ҳарбийлари.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Россияни Суриянинг Идлиб вилоятидаги тинч аҳолига ҳужум уюштираëтганликда айблади.

Эрдўғон шунингдек турк ҳарбийларига яна ҳужум қилган тақдирда¸ Сурия ҳукумат қўшинларига кескин жавоб ҳужуми берилажагидан огоҳлантирди.

Россия Мудофаа вазирлиги Эрдўғон баëнотини «ҳақиқатдан йироқ»¸ деб баҳолади.


Россия ҳарбийлари¸ Суриядаги террорчи гуруҳлар тинч аҳолидан жонли қалқон сифатида фойдаланиб келаëтганини қўшимча қилди.

Жорий ҳафта бошида турк ҳарбийларининг Идлибдаги кузатув пунктига Сурия ҳукумат қўшинлари ўт очиши оқибатида ўндан ошиқ турк аскари ўлдирилди.

Анқара Кремлдан ўз нуфузидан фойдаланиб Сурия президентини Идлибдаги ҳарбий амалиëтларни тўхтатишга кўндиришга чақирмоқда.