Хитойда тарқаган коронавирус эпидемиясидан сақланиш мақсадида 31 январь куни Жанубий Корея орқали уйига келган фарғоналик 20 яшар Муҳаммадбобур Абдуқодиров 5 февраль куни вафот этди.
Қўқон Бош Давлат санитария врачининг расмий баёнотида ëзилишича¸
Ўзбекистон туманининг Ҳаётобод қишлоғида яшовчи Муҳаммадбобур Абдуқодиров уйи ҳаммомидан жонсиз ҳолда топилган.
Қўқон шаҳар суд тиббий экспертизасида “дастлабки суд тиббий текширувидан ўтказилганида марҳум жасадида ис газидан заҳарланишга хос бўлган махсус специфик белгилар аниқланган”.
Муҳаммадбобур Абдуқодиров ўтган йил ноябрида тил ўрганиш учун Хитойга кетган ва коронавирус эпидемияси бошлангани ортидан уйига қайтган.
Қўқон Бош Давлат санитария врачи таъкидича¸ Абдуқодиров уйига қайтган куниëқ Ўзбекистон туманидаги 71-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасида тиббий кўрикдан ўтказилган ва икки ҳафталик назоратга олинган. Ўлим юз берган 5 февралга қадар (икки ҳафталик инкубацион муҳлат тугамаган -таҳр.) унда коронавирус аломатлари аниқланмаган.
Расмий баëнотда ëзилишича ¸ эпидемиологик кўрсатмага асосан олинган намуналар Фарғона вилояти СЭОМ вирусология лабораториясида текширилиб, Абдуқодировда грипп, коронавирус «2019-nCov» ва бошка вирус турлари топилмаган.
Хитойдан қайтган талабанинг кутилмаган ўлими ижтимоий тармоқларда унинг коронавирусдан ўлгани ҳақида фаразлар тарқашига сабаб бўлди.
Озодлик боғланган Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Ўзбекистонда 13 февралга қадар коронавирусга чалинган бирор ҳолат қайд этилмагани¸ бундай ҳолат бўлган тақдирда¸ уни бекитиш давлат манфаатига хизмат қилмаслигини таъкидлади.
Табиий газини Хитой ва Россияга сотиб келаëтган Ўзбекистонда аксар вилоятлар аҳолиси табиий газдан узилганича қолмоқда.
Қишда исиниш учун қўлбола печка ва турли иситиш ускуналаридан фойдаланишга мажбур қолган ўзбекистонликлар орасида ис газидан ўлганлар сони¸ Озодликка маълум бўлган рақамларга қараганда¸ ошиб бормоқда.
Хусусан¸ 2 февраль куни Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида 22 ёшли аёл ва унинг 2 яшар фарзанди ис газидан ўлди.
Ўтган йилнинг 17 ноябрь куни Уйчи тумани «Дўстлик» маҳалласидаги бир уйда тўрт киши газдан заҳарланди ва она икки фарзанди билан ҳаëтдан кўз юмди.
15 ноябрь куни Жиззахнинг Дўстлик тумани Ғофур Ғуломов маҳалласида яшаган бир оиланинг уч аъзоси – эр, хотин ва боласи ис газидан заҳарланди¸ оқибатда ота вафот этди.
Бу ўлимларга қадар Озодлик 2019 йил давомида яна камида 15 одамнинг ис газидан заҳарланиб ўлгани ҳақида хабар қилди.
Тошкент Ички ишлар бош бошқармаси 2019 йилнинг олти ойида биргина пойтахтда 15 одам ис газидан заҳарланганини билдирган бўлса¸ "Ўзтрансгаз” ширкати¸ 2018 йилнинг январь-апрель ойлари оралиғида Ўзбекистонда 58 одам ис газидан заҳарланиб ўлгани, 54 одамнинг эса жабрланганини билдирган эди.