12 февраль куни Тошкент шаҳар ҳокимининг “Тошкент шаҳрида ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини минимал қийматини тасдиқлаш тўғрисида” деб номланган қарори лойиҳаси жамоатчиликка тақдим этилди.
Қарор ¸Тошкент шаҳрида ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқининг минимал қийматини солиқ зоналари кесимида тасдиқлашни назарда тутади.
Ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев қарори лойиҳасига кўра¸ 1-зонадаги 1 гектар ер нархи 18 102 214 700 сўм; 2-зона 14 481 771 800 сўм; 3-зона – 10 861 328 800 сўм; 4-зона – 7 240 885 900 сўм ва 5-зона – 3 620 443 000 сўм қилиб белгиланган.
Минимал нархлар¸ пойтахтдаги беш солиқ ҳудудидан келиб чиқиб белгиланган ва биринчи уч ҳудудга киритилган Олмазор¸ Чилонзор¸ Шайхонтоҳур ва Яккасаройдаги ер участкалари нархи энг қиммат қилиб белгиланган.
Нарх ва солиқ қиймати бўйича тузилган Тошкент харитасида Сергели ва Учтепа туманлари 4 ва 5-зонага киритилган бўлса¸ Бектемир тумани ер нисбатан арзон бўлган 5-зонага қўйилган.
Ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамага қўйиладиган regulation.gov.uz сайтида жойлаштирилган қарори муҳокамасига 27 февралгача вақт берилган.
Кейинги уч йил ичида Тошкент марказида Tashkent City қуриш учун бузилган маҳаллаларнинг аксари¸ ҳоким қарорига кўра¸ Ўзбекистон пойтахтининг энг қиммат зоналарида жойлашган.
Мустақил журналистик суриштирувлар давомида Tashkent Cityдаги 8 та лотдан камида тўрттасининг айнан Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ўзига алоқадор ширкатлар экани аниқланди.