Хитойдан яна 40 нафар қирғизистонлик қайтди. Бу ҳақда Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Улар Қозоғистон томонининг дастаги билан “Пекин-Олмаота” рейсида келишган. Қайтганларнинг ҳаммаси Урумчида таҳсил оладиган талабалардир.
Улар ХХР билан чегаралар ёпилгани ва парвозлар бекор қилингани сабабли аввал харид қилинган чипталар билан келолмаётган эдилар.
ССВ маълумотига кўра, келганларнинг ҳаммаси карантинга жойлаштирилган ва барчасининг аҳволи яхши.
“Келган фуқароларнинг ҳаммаси коронавирус инфекцияси бўйича текширувдан ўтказилади. Карантин вақтида келган шахслар билан фақат тиббиёт ходимларигина мулоқотда бўладилар”, дейилади вазирлик хабарномасида.
Бунгача Қирғизистон Хитойдан 200 дан зиёд фуқаросини олиб чиққан.
Айни дамда Қирғизистонда коронавирус билан боғлиқ ҳолатлар аниқланмаган. Барча назорат-ўтказиш масканлари, Бишкек ва Ўшдаги аэропортларда санитар назорат ўрнатилган. Хитой билан чегарадаги НЎМлар вақтинча ёпилган, ҳаво қатнови тўхтатилган.