Зеленский октябрда Донецк ва Луганскда маҳаллий сайлов ўтказишга чорлади

Украина президенти Володимир Зеленский, 15 февраль, 2020, Германия.

Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат шарқида тинчимаётган конфликтга қарамасдан, жорий йилнинг октябрида мамлакат бўйлаб, жумладан, Донецк ва Луганскда маҳаллий сайлов ўтказишга чорлади.

15 февраль куни Мюнхен хавфсизлик конференциясида сўзлаган Зеленский ғарб давлатларини Киевни Россия дастаклаб келаётган айирмачиларга қарши курашда қўллашда чорлади.

- Биламан, Украинадаги уруш — Европадаги уруш. Қрим аннексияси билан бошланган уруш Иккинчи жаҳон уруши қанча давом этган бўлса, ўшанча пайтдан бери тинчимаяпти. Тасаввур қилинг-а! — деди президент. ​- Бугунги кунда истагимиз Украина ҳудудлари бўйлаб, жумладан, Донецк ва Луганск регионларининг айрим ҳудудларида октябрь ойида маҳаллий сайлов ўтказишдир. Қрим ҳудудида ҳам айни нарсани амалга ошириш ниятимиз бор.

Зеленский Донбасс аҳли “Украина ҳамда бутун дунё легитим деб тан оладиган сайловга муҳтож эканлигини” қўшимча қилди.