Ўзбекистонда Туркиянинг "Гебзе" махсус саноат зонасининг филиали ташкил этилиши мумкин. Филиал ташкил этиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари Туркия вице-президенти Фуат Ўктой билан Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг ўтган ҳафтада Анқарада бўлиб ўтган учрашувда муҳокама этилган.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати тарқатган маълумотга мувофиқ, мулоқот чоғида транспорт ва юк ташиш соҳаларида тизимли ўзаро муносабатлар, Туркия ҳукумати томонидан техник кўмак бериш ва имтиёзли кредитлаш дастурлари доирасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига тўхталиб ўтилган.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги Имтиёзли савдо тўғрисидаги келишувини имзолашга тайёргарликни жадаллаштириш ва мазкур битимга киритилиши таклиф этилаётган товарлар позицияларини кенгайтириш масалалари ўрганилди ҳамда уни амалда қўллаш тартиблари келишиб олинган.
“Мазкур чоралар Туркия ва Ўзбекистон республикаларининг ўзаро савдо айланмасини 5 миллиард долларга етказиш борасида икки мамлакат Президентлари томонидан берилган топшириқни амалга оширилишига катта кўмак бериши кутилмоқда”, дейилади вазирлик хабарномасида.