Ўзбек расмийлари “прописка” ўрнига “қайд этиш”ни жорий этмоқчилар

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда прописка сўзи амалдан чиқарилади. Бу ҳақда Ўзбекистон ички ишлар вазирининг ўринбосари Азизбек Икромов Халқаро пресс-клубнинг галдаги сессиясида маълум қилган.

“Прописка - эскидан қолиб кетган тизим. 2011 йилдан ҳозирга қадар Тошкент вилоятида 76 мингдан зиёд фуқаро, Тошкент шаҳрида эса 200 минг фуқаро доимий пропискага ўтган. Эндиликда прописка сўзи амалдан чиқарилиб, ўрнига “қайд этиш” сўз бирикмаси ишлатилади”, деди Азизбек Икромов.

ИИВ мулозими сўзнинг алмаштирилиши иш моҳиятига нечоғли таъсир кўрсатишига аниқлик киритмаган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган ой парламентга йўллаган мурожаатида шу йил 1 апрелига қадар ҳукумат прописка тизимини ислоҳ қилишни назарда тутувчи таклифларни ишлаб чиқиши лозимлигини урғулаганди.

Президентнинг бу баёнотидан кейин ўзбек амалдорлари ҳам прописка тизимининг зарарлари ҳақида очиқ гапира бошлаганлар.

Ҳуқуқ фаоллари Тошкентдаги прописка тизимининг мантиқсизлиги ҳақида айтиб келишади.