Ўзбекистонда йиллик даромади 100 миллион сўмгача бўлган хонандалар лицензия учун давлат божидан ташқари бундан буён қатъий солиқ ёки ўз ихтиёрига кўра декларация асосида даромад солиғи тўлаши керак бўлади. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 17 февраль куни ўтказилган матбуот анжуманида Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Фазлиддин Умаров маълум қилди.
“Санъаткорлар илгари фақат лицензия олиш пайтида давлат божи тўлар эди. Тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтгач, солиқ тўлашдан озод бўларди. Жорий йилдан бошлаб, улар тўлайдиган давлат божи тўрт баробаргача камайди ва солиқ тўлаш мажбурияти жорий қилинди. Эндиликда йиллик даромади 100 миллион сўмгача бўлган хонандалар қатъий солиқ ёки ўз ихтиёрига кўра декларация асосида даромад солиғини тўлайди. Агар маблағи 100 миллион сўмдан зиёд бўлса, улар айланмадан олинадиган солиқ тўлайди. Даромад бир миллиард сўмдан ортса, фойда солиғи ва ҚҚС тўлаш талаб этилади”, дея иқтибос келтиради Ф. Умаров сўзларидан Дарё.уз нашри.
Солиқ қўмитаси мулозими ўз сўзида мазкур норманинг йўлга қўйилиши бўйича хонандалар томонидан эътироз бўлмаганини, айни пайтда “Ўзбекконцерт” билан биргаликда солиқ тўлаш механизмини ишлаб чиқилаётганини урғулаган.
Тадбирда таъкидланишича, 2019 йил якунига қадар концерт-томоша фаолияти билан шуғулланувчи бир нафар ижрочи томонидан йилига ўртача 7 миллион сўм (ижрочиларнинг рейтинг гуруҳига қараб 5,6 миллион сўмдан 46,2 миллион сўмгача) давлат божи тўланган. Лицензия эса уч ойдан беш йилгача берилган. Жорий йилдан бошлаб лицензия муддати қатъий бир йил этиб белгиланган.