Тошкентдаги “Чорсу” меҳмонхонаси кимошди савдосида 16 миллиард 900 миллион 1 сўмга сотилди.Бу ҳақда Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш маркази маълумот тарқатди.
Аввал ҳам аукционга қўйилиб сотилмай қолган “Чорсу” меҳмонхонасини 10 соатдан кўпроқ давом этган кимошдида қароргоҳи БААда бўлган Ittihad International Investment LLC инвестициявий ширкати сотиб олган. Лотнинг бошланғич нархи 1 сўм бўлган.
Аукцион шартларига кўра, “Чорсу”ни сотиб олган сармоядор 2 йил мобайнида ҳукумат кафолатларисиз камида 25 млн АҚШ долларга тенг эквивалентда инвестициялар киритиши, уч юлдузли меҳмонхона хизматини ташкил этиши ҳамда 150 та янги иш ўрни яратиши лозим.
2017 йилнинг сентябрида “Чорсу”ни туркиялик ишбилармон Аҳмад Демир сотиб олгани ва у меҳмонхона базасида “Эски шаҳар” савдо-сайëҳлик мажмуаси қуришга киришгани хабар қилинган эди.
Бироқ 2 июль куни иқтисодий масалалар бўйича Тошкент туманлараро суди Аҳмад Демир ўз мажбуриятларини бажармаган, деган қарорга келиб, у билан имзоланган шартномани бекор қилган эди.
Аҳмад Демир меҳмонхонани ноль қийматида сотиб олган эди. Шартнома бўйича у 33 миллион доллар инвестиция киритиши лозим бўлган.
"Чорсу" меҳмонхонаси 2019 нинг сентябрида ҳам 1 сўмга сотувга қўйилган эди.