Ўзбек расмийлари мамлакатдаги барча хусусий бандлик агентликлари фаолиятини тўхтатиш ниятида. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов “Human” хусусий бандлик агентлигидан жабрланган кишилар билан учрашув чоғида билдирган.
Kun.uz нашрининг хабар қилишича, А. Арипов хусусий бандликларини тугатиш бўйича президентга таклиф киритилишини урғулаган. Бош вазир фикрича, ўзбекистонликларни хорижга ишга жўнатиш билан бундан буён фақат Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги шуғулланиши мақсадга мувофиқдир.
Маълумотларга кўра, 17 февраль куни ўнлаб одам Тошкентдаги Мустақиллик майдонига йиғилиб, давлатдан лицензия олган агентликнинг ўзларига етказган зарарини тўлаб беришни талаб қилганлар. Даставвал норозилар билан бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, кейинроқ эса бош вазир Абдулла Арипов учрашган.
Учрашув чоғида бош вазир президент топшириғи билан “Human” хусусий бандлик агентлигидан зарар кўрган 1086 нафар фуқарога маблағлари тўлаб берилишини маълум қилган.
Ўзбекистонда хусусий бандлик агентликлари фаолиятига 2018 йил кузидан бошлаб рухсат берилган эди. Шундан кейин ўтган бир йил давомида 66 та агентликка фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш билан шуғулланиш учун лицензия берилган.