Хитойдан Ўзбекистонга эвакуация қилинган 294 фуқаро "Бўстон" санаториясида икки ҳафталик карантиндан сўнг уйларига кузатилди. Қолган фуқароларнинг карантин муддати чоршанба ва пайшанба кунлари якунига етади.
Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Вазирликка кўра, вирусологик таҳлил натижалари фуқароларнинг ҳеч бирида коронавирус инфекцияси мавжуд эмаслигини кўрсатган.
4−6 февраль кунлари Хитойдан (Пекин ва Ухандан) Тошкентга тўртта рейс билан жами 584 ўзбекистонлик эвакуация қилинган эди. Уларнинг 125 нафари аёллардир.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, карантин муддати якунига етиши муносабати билан чоршанба ва пайшанба кунлари бошқа тиббиёт муассасаларига жойлаштирилган фуқаролар ҳам уйларига кузатилади.
Хитойда тарқалган янги коронавирусдан ўлганлар сони, 16 февраль ҳолатига кўра, 1770 кишига етди.