Ўзбек чегарачилари 13 нафар қирғизистонликни тутиб кетди

Қирғизистонлик чегарачи (иллюстратив сурат).

Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой туманида ўзбек чегарачилари 13 нафар қирғизистонликни қўлга олган. Қирғизистон Давлат чегара хизмати ходимлари мулоҳазасича, улар айириш белгилари бўлмагани учун чегарани билмасдан кесиб ўтганлар.

Қирғизистонликлар ўзбек чегарачилари томонидан тутиб кетилгани ҳақида Озодликнинг қирғиз хизматига маҳаллий турғунлар маълум қилган. Уларга кўра, ҳодиса 19 февраль куни эрталаб Ўзбекистон билан чегарадош бўлган Чекелик қишлоғида содир бўлган.

Давлат чегара хизматининг ҳудудий бошқармаси вакилларига кўра, қўлга олинган қирғизистонликлар Қадамжой туманига Талас вилоятидан диний даъват учун келганлар. Улар хабари бўлмагани сабабли чегарани бузган бўлишлари мумкин.

Айни пайтда Давлат чегара хизмати қўлга олинганларнинг шахсини аниқлаяпти ва уларни қайтариш бўйича Ўзбекистон томони билан музокара олиб бораяпти.