Эрдўғон: Россия билан Сурия бўйича музокаралар қониқарли ўтмади

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Сурия президенти Башар Асад қўшинлари Туркия ҳарбий позицияларидан ортга чекинмаса, Анқара Идлибда ҳарбий амалиёт бошлаши муқаррар эканлигини айтди.

Президентнинг бу билдирувини Москва дарҳол танқид қилди.

Сурия армияси Россия ҳарбийлари кўмаги билан Идлибда бошлаган ҳарбий амалиёт минглаб одамни ўз уйини тарк этишга мажбурлади.

19 февраль куни Эрдўғон AK партияси аъзолари олдида қилган чиқишида Россия билан музокаралар давомида келишувга эришилмаганини айтди. Туркия Асадга қарши исёнчиларни қўллаб келади.

Президент Туркиянинг Идлибни «хавфсиз зонага» айлантириш нияти қатъий эканлигини айтди.

- Туркия Идлибда ўз режасини амалга ошириш учун тайёргарликни якунлади. Очиғини айтсам, Идлибда амалиёт бошлашимиз фақат вақт масаласидир, — деди Эрдўғон.

Президентнинг бу шарҳлари ортидан Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Москва бундай амалиётга қарши эканлигини, Идлибдаги вазият янада кескинлашишига йўл қўймаслик учун Москва Анқара билан мулоқотда эканлигини айтди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса Москвада 17-18 февраль кунлари ўтказилган музокараларда бирор келишувга эришилмаганини билдирди.