Бир амалдор бир пайтнинг ўзида икки вазирга ўринбосар бўлди

Ички ишлар вазири ўринбосари Азиз Икромовга янги ташкил этилган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари вазифалари ҳам юклатилди.

Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизматига таяниб, gazeta.uz хабар қилди.

​Маълумотда таъкидланишича, Икромов Ички ишлар вазирлигида ўз лавозим ва вазифаларини сақлаб қолган ҳолда, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари вазифаларини ҳам бажаради.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 18 февраль куни ўтказилган мажлисида Ўзбекистон президентининг «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонини тасдиқлаш ҳақидаги масала кўриб чиқилганди.

Давлат раҳбарининг мазкур фармони билан Ўзбекистон Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилиши маъқулланган. Шунингдек, янги тузилма раҳбари лавозимига Раҳмат Маматов номзоди маъқулланган.