Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши дўстона алоқалар тарихида янги саҳифа очган, сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт, маданий-гуманитар соҳаларга оид кўплаб масалалар атрофлича муҳокама қилинган. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 февраль куни Анқарада Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан биргаликда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказилган брифингда билдирди.
Туркияга ташрифининг илк куни Мирзиёев Эрдўғон билан музокаралар ўтказган ва улар икки давлат Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши натижалари тўғрисида қўшма баёнот имзолаганлар. Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, шу куни иқтисодиёт, савдо, технологиялар соҳасига оид ҳужжатлар ҳам имзоланган.
Икки президент брифингида аксарият минтақавий ва халқаро муаммолар борасида, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий тилли давлатлар кенгаши доирасидаги ҳамкорликка ёндашувлар муштарак экани таъкидланган.
Мирзиёев Туркия ташрифи бугун ҳам давом этади.