Ўзбекистонда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ва Саудия Арабистони подшоҳлигининг “Hidaya Global Groups” ширкати ҳамкорлигида Hidaya Airlines номли янги авиакомпания очилиши кутилмоқда. Бу ҳақда, маҳаллий нашрлар хабарига кўра, бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов билдирган.
Янги авиакомпаниянинг Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида Умра сафари учун бевосита парвозларни амалга ошириши ҳамда “Умра+” дастури бўйича Индонезия, Ҳиндистон, Малайзия, Бангладеш каби мамлакатлардан Умра зиёратига борувчиларнинг Ўзбекистон орқали парвоз қилишини таъминлаши кўзда тутилган.