Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси собиқ раиси Ботир Парпиев президент фармони билан янги ташкил этилган маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирига ўринбосар этиб тайинланди.
Янги лавозимга тайинлангунига қадар Б. Парпиев Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгаши раисининг ўринбосари (2018 йил майидан бери) вазифасида фаолият кўрсатиб келаётган эди.
2018 йилгача эса у қарийб 14 йил давомида Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитасини бошқарган. У солиқ қўмитаси раҳбари лавозимидан бўшатилганидан кейин Озодлик суҳбатлашган мулозимларга кўра, генерал-лейтенант Парпиев истеъфога кетиш истагини соғлиғи ёмонлашгани билан изоҳлаган.
Ботир Парпиев Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматига 23 давомида раислик қилган Рустам Иноятовнинг қудасидир.
Б.Парпиев Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримов ҳукуматидаги энг қудратли амалдорлардан бири бўлиб ҳисобланарди.
Ботир Парпиев 1946 йилда Андижон вилоятида, милиция генерал-майори Раҳмат Парпиевнинг оиласида туғилган. 1992-1996 йилларда Андижон вилояти ИИБ бошлиғи, 1996-1998 йилларда Ўзбекистон ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи, 1998-2002 – Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари, 2002 йилнинг июнь ойидан декабрь ойигача – Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазири, 2002-2004 – Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси раиси бўлиб ишлаган, 2003 йилда божхона хизмати генерал-лейтенанти унвонини олган. 2004 йилдан буён Давлат солиқ қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган.
Президент Мирзиёев фармони билан куни кеча Ўзбекистонда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) бўлинмалари ташкил этилганди.