Анқара шаҳрида 19 февраль куни бўлиб ўтган Олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши икки томонлама муносабатлар тарихида янги мулоқот формати ўлароқ баҳоланди.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра,2018 йили икки давлат раҳбарининг Қўшма баёнотига мувофиқ тузилган Кенгаш ўз фаолиятини Ўзбекистон ва Туркия президентлари ҳамраислигида олиб боради.
Сиёсат, хавфсизлик ва мудофаа, савдо ва иқтисодиёт, инвестиция, туризм, энергетика, транспорт ва транзит, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, маданият, таълим, фан ва техника, инновациялар, соғлиқни сақлаш ва бошқа ўзаро манфаатли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш стратегиясини белгилайди.
Кенгашнинг мувофиқлаштирувчи органлари икки давлатнинг ташқи ишлар вазирликлари бўлиб ҳисобланади.
Кечаги илк йиғилишда сўзлаган Ражаб Тоййиб Эрдўғон Шавкат Мирзиёев ташрифини қутларкан, икки мамлакат парламентлари, давлат идоралари ва ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланиб бораётганидан мамнунлигини билдириб, Туркия ва Ўзбекистоннинг қўшма лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.
Мезбонга ташаккур этган Ўзбекистон президенти мазкур учрашув икки давлат стратегик шериклиги юксак босқичга кўтарилганининг яққол ифодаси эканини урғулаган.
- Мамлакатларимиз ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини яқин йилларда беш миллиард долларга етказишга қаратилган устувор вазифаларни бажаришда ҳам ушбу кенгаш, албатта, муҳим замин бўлади. Биз бугунги йиғилиш натижаларини мустаҳкамлаб, келгуси йили бўлиб ўтадиган учрашувнинг кун тартиби ва ҳамкорлигимизнинг асосий йўналишлари ҳақида ҳозирдан ўйлашимиз мақсадга мувофиқдир, - деган Ш. Мирзиёев.
Йиғилишда Ўзбекистон ва Туркия савдо вазирлари сўзга чиқиб, икки томонлама ҳамкорлик ривожи тўғрисида батафсил ахборот берган.
Музокараларда икки давлат ҳамкорлигига оид барча масалалар ва уларнинг ечимлари, истиқболдаги асосий вазифалар ҳамда қўшма лойиҳалар келишиб олинган.
Шавкат Мирзиёев Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш учун Ражаб Тоййиб Эрдўғонни Ўзбекистонга таклиф қилган.
Президент Мирзиёевнинг Туркияга сафари бугун ҳам давом этади. Унинг етакчи турк тадбиркорлари учрашиши, Халқ кутубхонасининг тантанали очилиш маросимида қатнашиши режаланган.
Ўзбекистон президентининг Туркияга сафари расмий Тошкентнинг яна бир стратегик шериги Москва билан Анқара ўртасидаги муносабатлар Суриядаги вазият туфайли таранглашган бир пайтга тўғри келди.