Қўшни давлатлардаги олий таълим муассасаларидан бирида ўқиганлик тўғрисидаги қалбаки ҳужжат қилиб беришни таклиф этаётган тамагир ва фирибгарларнинг таклифларидан эҳтиёт бўлинг.
Бу огоҳлантирувни Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси эълон қилди.
Инспекцияга кўра, ҳудудий ишчи гуруҳларга фуқаролар томонидан қалбаки (сохта, ясама) ҳужжатлар топширилаётганлиги аниқланмоқда.
Ўқишини қўшни давлатлардаги ОТМлардан кўчириш тўғрисида ариза топширган фуқароларнинг ҳужжатлари тўлиқ текширилишини ва қалбаки ҳужжатлар аниқланган тақдирда талабаликка қабул қилинмаслигини, бундай ҳолатда ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга тақдим этилажагини эслатган инспекция.
- 11 февралда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон олий ўқув юртларида ўқиётган ўзбекистонлик талабалардан ўқишни Ўзбекистонга кўчириш тўғрисидаги аризаларни қабул қилиш муддатини 15 мартга қадар узайтирди.
- Вазирлик ўз қарорини “талабалар ва уларнинг ота-оналаридан келиб тушган кўплаб мурожаатларни инобатга олган ҳолда, фуқароларга қўшимча қулайлик яратиш мақсади” билан изоҳлаган.
- Вазирнинг 6 февралдаги буйруғида муддат 7 февралдан 15 февралгача қилиб белгиланган эди.