Хитой янги коронавирусга чалинганлар сони ўсиш суръати секинлай бошлаганини хабар қилди. Аммо касалликдан вафот этганлар сони ўсиб бормоқда.
20 февраль куни Хитой Миллий соғлиқни сақлаш комиссияси эпидемия эпицентри Хубэй вилоятида сўнгги 24 соат ичида 628 нафар киши, мамлакатнинг бошқа ҳудудларида 45 одам вирусни юқтирганини, касалликка чалинишлар сони сўнгги уч кун давомида озаяётганини билдирди.
Бу орада Эронда икки киши коронавирус туфайли ҳалок бўлгани хабар қилинди. Японияда эса Diamond Princess круиз кемасида саёҳат қилган катта ёшдаги икки киши ҳалок бўлди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг минтақавий директори Ричард Бреннан Хитой қисқа муддат ичида йирик натижаларга эришаётгани, аммо бўҳрон ўз якунига етмаганини айтди.
Хитой расмийлари вирус тарқалиши олдини олиш мақсадида 60 миллиондан ошиқ одам истиқомат қиладиган шаҳарларни изоляция қилган.
Сўнгги хабарларга кўра, COVID-19 деб номланган коронавирусдан ўлганлар сони 2100 дан ошди, касалликни юқтириб олганлар сони эса 75 минг кишидан ошди.