Россия қўллаб келаётган Сурия ҳукумати кучлари ҳамда Туркия қўллаётган суриялик исёнчилар ўртасидаги тўқнашувлар Москва ва Анқарани Суриядаги можарога тобора чуқурроқ аралашишга мажбурламоқда.
20 февраль куни Сурия президенти Башар Асадга қарши исёнчилар бошқарувидаги сўнгги ҳудудда содир бўлган тўқнашувлар 27 нафар киши умрига зомин бўлди.
Қароргоҳи Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари гуруҳининг хабар қилишича, жангларда камида 11 нафар Сурия ҳукумати жангчиси, 14 нафар исёнчи ҳамда икки нафар турк аскари ҳалок бўлган.
Туркия расмийларининг маълум қилишича, Идлиб вилоятида содир бўлган тўқнашувлар давомида Россия ҳарбийлари «Су-24» қирувчи учоқлари билан ҳужум қилган. НАТО аъзоси Туркия эса ўз қирувчи учоқлари билан жавоб қайтарган.
Ҳар икки тараф душманни тор-мор қилганини иддао қилди. Хусусан, Туркия Мудофаа вазирлиги Сурия ҳукумати аскарларидан 50 ка яқини ҳалок бўлганини иддао қилди.
Эскалация ортидан Туркия мудофаа вазири Ҳулуси Акар Анқара Россиядан сотиб олган «С-400» ракета тизимларини ишга солишини айтиб, таҳдид солди.