Германиянинг Фолькмарзен шаҳрида "Мерседес" русумидаги автомобиль ҳайдовчиси машинасини карнавал иштирокчилари устига ҳайдаши оқибатида камида 30 киши жароҳат олди.
Ҳодиса гувоҳларига кўра, ҳалок бўлганлар йўқ, бироқ жароҳатланганлардан етти нафари оғир аҳволда, улар орасида болалар ҳам бор.
Полиция маълумотига кўра, ҳайдовчи тартиб посбонлари томонидан қўлга олинган.
Гувоҳларнинг таъкидлашларича, ҳайдовчи автомобилни оломон устига ҳайдар экан, газни босган. Айрим маҳаллий нашрлар 29 ёшли германиялик ҳайдовчи ҳодиса чоғида маст бўлганини ёзмоқда. Полиция ҳодиса сабабларини ўрганмоқда.
2016 йил декабрида Берлиндаги Рождество бозори яқинида юк машинаси оломон устига бостириб бориши оқибатида ўнлаб киши ҳалок бўлган, 50 киши жароҳат олган эди. Расмийлар ҳодисани теракт, дея баҳолаган.