Қирғизистон Олий суди бугун Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқади

Ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров.

Қирғизистон Олий суди 25 февраль куни жалолободлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг кассация тартибидаги шикоят аризасини кўриб чиқади.

Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизматига ҳуқуқ фаолининг адвокати Валерьян Вахитов маълум қилган.

Бу Асқаров учун сўнгги маҳкама эканини урғулаган адвокат суд яхши натижа билан тугашига умид қилаётганини қайд этган.

“Кассация тартибидаги ариза Чуй вилоят судининг 2016 йил 29 январида чиқарган ҳукми юзасидан берилган. Маълумки, 2016 йили Чуй вилоят суди Азимжон Асқаров иши бўйича очилган янги тафсилотларни ўрганиб чиқиб, 2010 йили Бозорқўрғон туман судининг “умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинсин” деган ҳукмини ўз кучида қолдирганди”, деди Валерьян Вахитов.

Азимжон Асқаров 2010 йилда Қирғизистон жанубида содир бўлган қонли ҳодисалардан кейин тартибсизликлар уюштирганлик ва милиция ходимини ўлдиришда қатнашганлик гумони билан қўлга олинган. Барча инстанциялардаги судлар қарори билан у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

2016 йилнинг апрелида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Қирғизистон расмийларини инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ишини қайта кўриб чиқишга чақирган. Қўмита ўз қарорини ноқонуний қўлга олиш, қийноқлар қўллаш ва Азимжон Асқаровни оғир шароитларда сақлаб турилиши билан асослаган. Қирғизистон суди ишни янги ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиққан, бироқ ҳукмни ўзгаришларсиз қолдирганди.