Самарқандда собиқ сенатор ҳоким берган ерга қурилган 92 та уй бузилишга тушди (ВИДЕО)

Самарқанд вилояти ҳокими уйи бузилишга тушган аҳоли билан учрашди

Самарқанд вилояти, Пайариқ тумани Челак шаҳарчасининг Улуғбек маҳалласидаги 150 оила ўзлари яшаб турган 92 уйнинг бузилиши ҳақида расмий огоҳлантириш олди.

Уйларни бузишга қарор қилган туман ҳокимлиги иддаосига кўра, аҳоли ер участкаларини фермердан ноқонуний сотиб олган ва собиқ сенатор ҳоким ноқонуний қарор чиқарган.

Уйи бузилиши айтилган челакликлар эса, ҳокимлик ўтган 8 йил давомида қурилишлардан хабардор бўлгани, қурилган уйларнинг 70 фоизи кадастр қилинганини айтмоқда.

Пайариқ тумани ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Дилшод Ҳамидов Озодликдан қўнғироқ бўлаётганини эшитиши билан алоқани узиб, телефонини ўчириб қўйди.

Челак шаҳарчасининг Улуғбек маҳалласидаги ташландиқ ерга 92 та уй қурган 150 дан ортиқ оила кўчада қоладиган бўлди.

24 февраль куни маҳалла аҳолиси кўчага чиқиб, ҳоким қарорига норозилик билдирди¸ Озодлик орқали президент Мирзиёевга видеомурожаат йўллади.

Челак шаҳарчаси, Улуғбек маҳалласидаги аҳоли уйлари

25 февраль куни Озодлик билан суҳбатлашган Наргиза Сагатуллаева 150 оиланинг ташландиқ жойдан ер сотиб олиб¸ йиллар давомида уй қурганини айтади:

Шу пайтгача туман ҳокими қаерда эди, вилоят ҳокими қаерда эди, маҳалла қаерда эди, одамлар кўчиб чиққанига неча йил бўляпти.


- Бу ер аввал ахлатхона бўлган. Фермер артезиан сув чиқариб пахта эккан эди. Лекин пахта ҳам бўлмади. Яна тиканзор, чакалакзорга айланди. Кейин 4-6 сўтихдан қилиб аҳолига сотди. 2012 йилда эди, ҳужжат ва кадастр қилиб берамиз, деди. Биз ҳамма жойни тозалаб, уй қуриб бўлганимиздан кейин, чиқасан, бузасан деяпти. Мен бор-будимни сарфлаб уйни қурдим. Лекин кадастр қилиб бермади. 8 йилдан буён шу уйда яшаяпман. Шу пайтгача туман ҳокими қаерда эди, вилоят ҳокими қаерда эди, маҳалла қаерда эди, одамлар кўчиб чиққанига неча йил бўлаяпти. Ҳозир фермер қамоқда. Лекин у биздан олган пулни бир ўзи емагандир, ҳоким егандир, прокурор егандир. Ҳокимлар қилган хатоси учун нега оддий халқ жавоб бериши керак?”.

Хорижда мардикорлик қилиб топган пулига уй қурган Алишер Мустафоев ҳам бу можарода битта фермерни айблаб, аҳолининг уйини бузиш тўғри эмаслигини айтади:

Бу жойлар обод бўлиб кўзга кўриниб қолгандан кейин, янги эгалари чиқяпти


- Биз ҳам 2016 йилда участка олган эдик. Биз ҳам ўзимизча давлатнинг ерига уй қурмаганмиз. Бизга сотган одамнинг бошида каттароқ бош бўлганки, бизга қўрқмай сотган. Бўлмаса фермер 92 та участка сотадими? Бизга фермер ўлчаб берган. Бу ерда ҳеч ким дўпписини ёки кетмонини отиб участка қилмаганку! Масалан, бизнинг кўчада 26 та уй бор, шундан 15 тасида қарор бор, қолганларда йўқ. Бизга ҳам қарор чиқариб бер десак, энди йўқ деяпти. Бу жойлар ахлатхона эди. Одамлар у ерга камазлаб тупроқ ташлаб ер қилди. Бу жойлар обод бўлиб кўзга кўриниб қолгандан кейин, янги эгалари чиқаяпти шекилли. Мен муҳожир бўлмаган давлат қолмади. Туркияда, Россияда, Қозоғистонда ишладим. Топган пулимга шу уйни қилдим. Ҳамма қийналиб меҳнат билан уй солган.

Челак шаҳарчаси, Улуғбек маҳалласидаги аҳоли уйлари

Озодлик гаплашган пайариқликлар ҳозирги жараëнда ҳоким қарори ва кадастри бор уйлар ҳам бузилишга тушганини қўшимча қилади.

45 яшар Ойбек Қосимовнинг айтишича, янги ҳоким Дилшод Мусинов аввалги ҳоким қарорини тан олмаяпти:

- Кадастрни энди тан олмаяпти, 70 фоиз аҳоли қарор олган, кадастр қилган.

Қарийб 12 йил Қозоғистонда меҳнат муҳожири бўлган Воҳид Останақулов уч ака-ука 38 миллион сўмга 18 сотих ер сотиб олганини айтар экан, уйларнинг бузилиши оила учун катта фожиа бўлишини таъкидлайди:

Қани ўша аввалги ҳоким, олиб келсин уни жавоб берсин!


- Фермер Рўзиқул Холйигитов аввалги сенатор ҳоким Абдумўмин Жўраев билан келишиб, бизларга ер берган. Бир томондан унинг айби ҳам бор, ҳам йўқ. У ўзидан-ўзи ер бера олмайди. Бунга унинг духи ҳам етмайди. Оддий халқ қаердан билади, бу ер суғориладиган ерми ёки бекорчи ерми? Ўша ер ахлатхона бўлгани учун ҳамма бекорчи ер экан¸ деб олган эди. Қани ўша аввалги ҳоким, олиб келсин уни жавоб берсин! Оддий халқнинг шўрига шўрва тўкилаверадими?

Айтилишича¸ ҳозирда фермер Холйигит Рўзиқулов устидан жиноят иши очилган ва у қамоққа олинган.

Озодликда фермернинг Ўзбекистон Жиноят Кодексининг қайси моддаси билан айбланаётгани ҳақида маълумот йўқ.

Озодликка юборилган видеода, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов 18 февраль куни пайариқликлар билан учрашувда, бу уйлар бузилиши ва уларга бошқа жойдан уй-жой қуриш учун ер берилишини, ҳақиқий айбдор жавобгарликка тортилишини айтган.

Озодлик 25 февраль куни Пайариқ тумани ҳокими Дилшод Мусинов билан боғланишга ҳаракат қилди. Ҳоким ёрдамчиси бу мавзуда фақат матбуот хизмати ахборот бериши мумкинлигини айтди.

Пайариқ тумани ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Дилшод Ҳамидов эса¸ Озодлик мухбири қўнғироқ қилаётганини эшитганидан сўнг, алоқани узиб, телефонини ўчириб қўйди.