25 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан концептуал жиҳатдан қабул қилинган қонун лойиҳаси тўй-маросимларни ўтказишга оид ўтган йили қабул қилинган Низомни бузганлик учун жазо қўллашни кўзда тутади.
Парламент иккала палатаси томонидан 2019 йил 14 сентябрь куни қабул қилинган “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги Низом”да бундай тадбирларни ўтказишнинг қатъий талаблари белгилаб берилган.
Хусусан¸ Низомда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни фақат бир кун (дафн этиш маросими бундан мустасно) соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказиш¸ уларга кўпи билан 200 нафаргача¸ ошга эса¸ 250 нафаргача меҳмон чақириш¸ тўй тадбирларида 3 тадан кўп бўлган енгил автомашинадан фойдаланмаслик каби чекловлар ўрнатилган.
25 февраль куни Маъмурий кодексга киритиш маъқулланган қўшимчалар ана шу талаб ва чекловларни бузганлик учун жавобгарлик жорий қилишга қаратилган.
Маҳаллий матбуотнинг ëзишича¸ қонун лойиҳаси тасдиқланса¸ Низом қоидаларини бузган тўй ўтказувчи шахсга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари (ҳозирда 2 230 000 сўм) миқдорида¸ тўйхона эгаларига эса¸ базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари (6 690 000 сўм) миқдорида жарима солинади.
Бундай ҳуқуқбузарлик бир йил давомида такрор содир этилса¸ базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари (11 150 000 сўм) миқдорида жарима солинади.
Ўзбекистонда тўй ва маросимларни ихчам ва камхарж ўтказишга уриниш кўпдан давом этиб келаëтганига қарамай¸ ҳозирча бундай саъй-ҳаракатларнинг натижа бермай келаëтгани кузатилади.