Ўзбекистон Давлат экология қўмитаси Андижон вилоятининг Асака туманида жойлашган SING LIDA цемент заводи фаолиятини тўхтатиб қўйди. Бунга завод томонидан атроф-муҳитга зарарли ташламалар ташланаётгани сабаб ўлароқ келтирилган.
Давлат экология қўмитаси ахборот хизмати маълумотига кўра, қўмита вакиллари завод ишини тўхтатиш қарорига шу йил 12 февралидан 21 февралигача ўтказилган текшириш натижасида келганлар.
Текшириш чоғида корхонанинг клинкер тайёрлаш печининг ишлаш жараёнида циклонларнинг бир неча жойида туйнуклар мавжудлиги, мазкур туйнуклар орқали ифлослантирувчи моддалар тўғридан-тўғри атмосферага ташланаётгани аниқланган.
“Клинкер тайёрлаш печидаги ифлослантирувчи моддаларни ташлаш 1- ва 2-манбалардаги чанг тозалаш ускунасининг самарадорлигини ўлчаш учун лаборатория таҳлиллари ўтказилганида 1-манбадаги цемент чангини ушлаш қурилмасининг самарадорлиги 53,1 % (лойиҳа бўйича 99,9%), 2-манбадаги чанг ушлаш қурилмасининг самарадорлиги 60,7% (лойиҳа бўйича 99,9%) ни ташкил этиб, чангларни ушлаб қолиш самарадорлиги паст даражада эканлиги аниқланди”, дейилади хабарномада.
Қўмита мазкур ҳолатларда Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунлари талаблари бузилганини қайд этади.
Экология қўмитаси аниқланган камчиликларни тезкорлик билан бартараф этиш, атмосфера ҳавосига ташланадиган ифлослантирувчи моддаларни камайтириш мақсадида жамият балансида мавжуд бўлган, бугунги кунда экологик талабларга жавоб бермайдиган ҳолатда ишлаб турган клинкер тайёрлаш печи ва цемент тайёрлаш тегирмони ускуналарининг фаолияти вақтинча тўхтатилди ва бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилганини урғулайди.
Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси бўлган SING LIDA 2013 йилдан бери фаолият кўрсатиб келмоқда. Завод йилига 100 минг тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга.