“Consort xususiy bandlik agentligi” МЧЖга Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган шахсларни ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланиш учун берилган лицензиянинг амал қилиши вақтинчалик тўхтатилди”¸ деб хабар қилди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати 26 февраль куни.
Бу қарорга вазирлик ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига “Consort xususiy bandlik agentligi” фаолияти устидан тушган кўплаб шикоят аризалари сабаб бўлган.
Расмий хабарда айтилишича¸ МЧЖ лицензиясининг амал қилиш муддати 10 иш кунига тўхтатилган ва шу муҳлат ичида ширкат ўз мижозлари шикоятларини ижобий ҳал қилиши керак.
Ўзбекистонликларни хорижга ишга юбориш лизенцияси берилган бу МЧЖ 10 кун ичида келишувга мувофиқ мижозларини ишга юбориши¸ ëхуд улар тўлаган пулни қайтариб бериши лозим.
2019 йилнинг 6 декабрь куни бу агентлик устидан Озодликка шикоят қилган мижозлар¸ “Consort xususiy bandlik agentligi” 100 га яқин одамдан Японияга ишга юбораман¸ деган ваъда билан 2000 доллардан пул олгани ва на ишга юборгани ва на пулни қайтарганини билдирган эди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидан лизенция олган хусусий бандлик агентликлари орасида фирибгарликда айбланиб судга тортилаëтганлари сони ошиб бормоқда.
18 февраль куни “Human” хусусий бандлик агентлигидан жабрланганлар билан учрашган Бош вазир Абдулла Арипов¸ мамлакатдаги барча хусусий бандлик агентликлари фаолияти тўхтатилиши ва бу ваколатнинг яна фақат Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига берилиши мумкинлигини билдирди.