Эрдўғон: Идлибда яна уч турк аскари ўлдирилди

Суриядаги Туркия ҳарбий колоннаси.

Суриянинг ҳарбий тўқнашувлар бораëтган Идлиб вилоятида Туркия ҳарбий кучларининг уч аскари нобуд бўлди.

Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 27 февраль куни NTV телеканалидаги чиқишида маълум қилди.

Сурия ҳукумат қўшинлари орасидаги талафот бундан каттароқ эканини таъкидлаган Эрдўғон¸ Идлиб учун жанглар давом этажагини билдирди.

Анқара раҳбарига кўра¸ Идлибдаги вазият Туркия фойдасига ўзгармоқда.

“Биз Россия билан музокараларни давом эттираяпмиз. Идлибдаги ҳозирлигимиз маркази Адана бўлиб қолмоқда¸ деди Эрдўғон жумладан.

Айни куни Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Путиннинг 5 март кунги иш жадвалига Туркия президенти билан учрашув киритилмаганини билдирди.

Бу эса¸ Эрдўғоннинг 5 март куни Путин билан Идлибдаги вазият масаласида учрашиши ҳақидаги баëнотига берилган раддиядир.

Идлиб Суриядаги ҳукумат кучлари ва уларга қарши қуролли мухолифат ўртасидаги жанглар маркази бўлиб қолмоқда.

Россия Башар Асад қўшинларини қўллаëтган бўлса¸ Туркия исломий мухолифатни қўлламоқда.

Идлиб бўйича муросага эришишга қаратилган сўзлашувлар ҳозирча самарасиз қолмоқда.