Халқаро олимпия қўмитаси 2020 йилги Токио олимпиадасини режага кўра ëзда ўтказиш қарорида ҳозирча қатъий.
Бу ҳақда 27 февраль куни ХОҚ раиси Томас Бах япон матбуотига берган интервьюсида маълум қилди.
“ХОҚ Токио олимпиадасини белгиланганига кўра¸ 24 июлдан бошлаб¸ унинг муваффақиятли ўтказилишини таъминлаш қарорида қатъийдир"¸ деб иқтибос келтирди Япониянинг Kyodo агентлиги пайшанба куни.
Бу баëнот арафасида жаҳон бўйлаб коронавирус эпидемиясининг ëйилиб бораëтгани ва унинг глобал пандемияга айланиш таҳдиди боис Токио олимпиадасининг кечиктирилиши ҳақида тахминлар тарқаган эди.
Япон агентлигининг олимпиада ўйинларини ўтказишнинг муқобил режаси кўриб чиқилаяптими¸ деган саволига ХОҚ раиси: “Мен турли миш-мишлар оловига бензин қуйишни истамайман”¸ деб жавоб берди.
27 февраль куни Япония расмийлари мамлакатда коронавирусдан ўлганлар сонининг 8 тага етгани ва ўндан ошиқ янги ҳолат қайд этилганини билдирди.
Ҳозиргача Японияда қайдга олинган вирус юқтирганлар сони 900 нафардан ошди. Улардан 705 нафари Япония соҳилига келтирилган Diamond Princess круиз кемаси йўловчиларидир.
Жорий ҳафта душанба кунидан бошлаб Япония ҳукумати янги коронавирус тарқалишини тўхтатиш мақсадида мамлакат бўйлаб барча мактабларни ëпишга қарор қилди.