Маккага йўл олган 50 чоғли тожикистонлик Дубайдан ортга қайтарилади

Дубай шаҳри.

Саудия Арабистони 26 февралдан Макка ва Мадина шаҳарларига зиёратчи келишини вақтинча тақиқлагани ортидан Умра зиёратига кетаётган 48 нафар тожикистонлик Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида тутилиб қолди.

Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Дин, миллий анъаналар, тантана ва маросимларни тартибга солиш қўмитаси матбуот котиби Афшин Муқим 27 февраль куни Озодликнинг тожик хизматига “Ормон” сайёҳлик ширкати Дубайдаги зиёратчиларни меҳмонхона ва озиқ-овқат билан таъминлаганини айтди.

“Саудия расмийлари мамлакатга кириш учун рухсат беришмади ва ватандошларимиз яқин икки кун ичида Тожикистонга қайтади”, деди Афшин Муқим.

Қўмита масъули тақиқ бекор қилинмагунича тожикистонликлар Умра зиёратига юборилмаслигини қўшимча қилган. Тожикистонда зиёратчиларни Ҳаж ва Умрага йўллаш билан фақат икки ширкат - "Ормон” ва “Расул сохтмон” сайёҳлик ширкатлари шуғулланади.

Саудия Арабистони расмийларига кўра, Макка ва Мадинага зиёратнинг вақтинча тақиқланиши коронавирус тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида амалга оширилмоқда.