Теҳронда Жума намозлари бекор қилинди, вице-президент ҳам коронавирус юқтирди

Эрон вице-президенти Маъсума Эбтекар.

Коронавирус шиддат билан ёйилаётгани ортидан Эрон пойтахти Теҳронда Жума намозлари бекор қилинди.

Мамлакатда вирусни юқтиргани қайд этилганлар 245 нафарга етди. Улар орасида президентнинг аёллар ва оила ишлари бўйича ўринбосари Маъсума Эбтекар ҳам бор.

COVID-19 вирусини юқтирган юқори даражали Эрон расмийлари орасида Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари ва парламент хавфсизлик қўмитаси раҳбари ҳам бор.

Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатда коронавирусдан ўлганлар сони 26 кишига етган. Бу Хитойдан ташқарида янги вирус қурбонлари сони бўйича энг юқори кўрсаткичдир.

Айни пайтда Хитойда COVID-19 вирусидан ўлганлар сони 2788 нафарга етгани айтилмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, дунёнинг 40 дан зиёд мамлакатида коронавирус юқтирганлар сони 82 минг нафардан ошиб кетган.