“Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 12-15 фоиз ёки 4-5 миллион аҳолимиз камбағал. Бу уларнинг бир кунлик даромади 10-13 минг сўмдан ошмаяпти, дегани”. Бу сўзларни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар бўйича 27 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтган.
Президент матбуот хизматининг қайд этишича, камбағаллик Ўзбекистонда кўп йиллар “ёпиқ мавзу” бўлиб келган. Жорий йил 24 январь куни Олий Мажлисга Мурожаатномада президент бу ҳақда очиқ-ойдин гапирган ва Ўзбекистон тарихида биринчи марта камбағалликни қисқартириш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Пайшанба куни ўтган видеоселектор йиғилишида шу борадаги ишларни тизимли ташкил этиш масалалари муҳокама қилинган.
– Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 12-15 фоиз ёки 4-5 миллион аҳолимиз камбағал. Бу уларнинг бир кунлик даромади 10-13 минг сўмдан ошмаяпти, дегани. Ёки бир оилада машина ҳам, чорва ҳам бўлиши мумкин, лекин бир киши оғир касал бўлса, оила даромадининг камида 70 фоизи уни даволатишга кетади. Хўш бундай оилани ўзига тўқ дейиш мумкинми? Президент сифатида мени одамларимизнинг овқатланиши, даволаниши, болаларини ўқитиши, кийинтириши каби ҳаётий эҳтиёжлари нима бўлаяпти, деган савол ҳар куни қийнайди, – деган Шавкат Мирзиёев.
Мирзиёевга кўра, камбағалликни камайтириш ойлик ёки нафақа миқдорини кўпайтириш, ёппасига кредит бериш, дегани эмас. Бунинг учун, энг аввало, аҳолини касбга ўқитиш, молиявий саводхонлигини ошириш, одамларда тадбиркорлик ҳиссини уйғотиш, инфратузилмани яхшилаш, фарзандларини ўқитиш, сифатли даволаниш, манзилли нафақа тўлаш тизимини жорий қилиш лозим.
Йиғилишда аввало ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят даражасидаги ҳақиқий шароит ва аҳволни таҳлил қилиш кераклиги қайд этилди. Бунинг учун, биринчи йўналишда камбағалликка оид реал аҳвол, яъни маҳаллалардаги даромади кам оилалар сони ҳақида маълумот йиғилиши, иккинчи йўналишда туман ва шаҳарнинг салоҳияти, табиий ресурслари, ер ва инфратузилма имкониятлари харитаси тузилиши белгиланди.
– Одамларнинг меҳнат қилиб, бой бўлиши ва яхши ҳаёт кечириши учун барча шароитларни яратишимиз зарур, – деган президент Мирзиёев.
Видеоселектор йиғилишида қатор ҳудудларда касбга ўқитиш борасидаги ишлар кескин танқид қилинган. Жумладан, Қорақалпоғистоннинг 11 туманида, Бухоро ва Тошкент вилоятларида 9 тадан, Сурхондарёнинг 7, Жиззахнинг 5 туманида бирорта ҳам бундай марказ йўқлиги таъкидланган.
Касбга тайёрлаш марказларини ташкил этишга нодавлат ташкилотларни фаол жалб қилиш, улар ўртасида энг яхши касбга тайёрлаш ўқув дастури бўйича танлов ўтказиб, ғолибларга Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан грант ажратиш бўйича топшириқлар берилган.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ҳар бир ҳудудда “Ишга мармаҳат” моно-марказлари ҳамда касбга тайёрлаш марказлари ташкил этиб, ишсизларга касбий билим ва кўникмалар, шунингдек, эҳтиёжга қараб хорижий тилларни ҳам ўргатиш вазифаси қўйилган.
Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасидаги маблағларнинг 70 фоизи камбағал аҳолига иш ўрни яратишни назарда тутувчи кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларига йўналтирилиши белгиланган. Шунингдек, камбағал кишини ишга олган корхоналарга банк кредитлари бўйича қулайликлар берилиши айтилган.