Эрдўғон Идлибда ўлдирилган 33 турк аксари учун Суриядан қасос олинажагини билдирди

Идлибдаги ҳужумлар манзараси. 27 февраль¸ 2020 йил

27 февраль куни Россия томонидан қўллаб-қувватланаëтган Сурия ҳукумат қўшинлари уюштирган ҳаво ҳужумлари оқибатида камида 33 турк аскари ўлдирилди¸ 30 дан ошиғи яраланди.

Идлибдаги бу ҳужум Туркия ва Россия ўртасидаги кескинликни янада кучайтириб юборди¸ ҳужум хабари тарқаши билан Истанбулдаги Россия консуллиги олдида стихияли норозилик намойиш бўлиб ўтди.

Бу ҳужумларга жавобан Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон “Сурия ҳукумат объектларининг ҳаво ва қуруқликдан нишонга олинишини” билдирди.

Суриядаги вазиятни кузатаëтган гуруҳларга кўра¸ кейинги 24 соат ичида Туркия ҳужумлари оқибатида камида 16 нафар Сурия аскари ўлдирилган.

Турк аскарларига қарши уюштирилган ҳужумга ҳозирча Сурия ҳукумати муносабат билдирмади.

Россия Мудофаа вазирлиги Сурия ҳукумат кучлари ҳужумига учраган турк аскарларининг “террорчилар” орасида бўлганини иддао қилди. Туркия бу иддаони дарҳол рад этди.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 28 февраль куни Туркияга таъзия билдирди.

Путин ва Эрдўғон телефон орқали вазиятни муҳокама қилганини айтган Лавров¸ бу суҳбатнинг айнан қачон бўлгани ва унда бирор тўхтамга келинган-келинмаганини очиқламади.

Сурия ва Россияни Идлибдаги “жирканч” ҳужумларни тўхтатишга чақирган АҚШ¸ “НАТО аъзоси бўлган Туркия билан бирдам экани”ни билдирди.