26 февраль куни Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамага қўйиладиган regulation.gov.uz сайтида президент қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан ҳозирланган лойиҳа “Иқтисодиётда давлат улушини қисқартиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” деб номланади.
Ҳужжатга кўра¸ унга илова қилинган 1115 та корхонадаги давлат улуши 2025 йилга қадар хусусийлаштирилади.
Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссияси тузилиб¸ унга Бош вазир¸ унинг ўринбосарлари ва президент маслаҳатчилари киритилади.
Президент қарори лойиҳаси Тендер комиссиясига¸ давлат улушларини “аукцион, танлов, тендер, тўғридан-тўғри музокаралар орқали, IPO,SPO ва бошқа” механизмлар орқали хусусийлаштириш ваколати беришни кўзда тутади.
Қарорга давлат улуши тўлиқ ëки қисман сотиладиган корхоналар рўйхати илова қилинган.
Бу рўйхатга киритилган Ucell¸ Uzbekistan Airways, "Ўзбектелеком", "Ўзбекнефтгаз", "Ўзтрансгаз", "Дори-Дармон, Олмалиқ кон-металлургия комбинати¸ Ўзбекистон металлургия комбинати ва "Навоий кон-мeталлургия комбинати каби мамлакатдаги монополист мақомида қолаëтган йирик корхоналардаги давлат улушлари ҳам сотувга қўйилади.
26 февраль кунги расмий хабарга кўра¸ давлат улуши хусусий қўлга сотиладиган "Навоий кон-мeталлургия комбинати" Ўзбекистондаги энг йирик саноат корхонаси саналади ва мамлакатдаги жами саноат маҳсулотининг 10 фоизини ва бюджет даромадининг эса¸ 18 фоизини таъминлайди.
Президент қарори лойиҳасида¸ бу сотувларнинг очиқ тендерсиз ўтказилишига ҳам имкон қолдирилгани¸ иқтисодий таҳлилчиларда жараëннинг ҳалол ва шаффоф ўтишига нисбатан шубҳа уйғотмоқда.