Ўзбекистон 1 мартдан Токио ва Римга авиақатновни вақтинча тўхтатди

"Uzbekistan Airways" ширкати самолëтлари

"Uzbekistan Airways" ширкати 1 мартдан бошлаб, Токио ва Римга бўлган йўналишдаги авиақатновлар ҳам вақтинча тўхтатилганини маълум қилди.

Аввалроқ коронавируснинг Ўзбекистонда тарқалиши олдини олиш мақсадидаЖанубий Корея, Тошкентдан Жидда ва Мадинага рейслар ​тўхтатилгани маълум қилинган эди.

Ширкат хабарида айтилишича, коронавирус авж олиши ҳамда Ўзбекистон ҳудудида вирус тарқалиши олдини олиш мақсадида Токио ва Римга иккитомонлама қатнов тўхтатилган.

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги, коронавирус тарқалиши олдини олиш мақсадида, 1 мартдан бошлаб, Жанубий Кореяга авиақатнов ҳам вақтинча тўхтатилганини маълум қилган.

Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) Жанубий Кореядаги ўзбекистонликларни қайтариш учун ҳафтасига 1 тадан рейс амалга оширилишини билдирди.

Айни пайтда, Жанубий Кореядан Ўзбекистонга келувчи йўловчилар эса келиши билан 14 кунлик карантинга олинади.

Вазирлик коронавируснинг тарқалиши билан боғлиқ ҳолат оғирлашаётган Жанубий Корея ҳудудидаги фуқароларга зарур ҳолатда мурожаат қилиш мумкин бўлган рақамларни эълон қилди:

- Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги элчихонаси:

(+82) 2 574-65-54, (+82) 2 577-36-60;

- “Uzbekistan Airways” ширкати ваколатхонаси (авиачипталар масалалари бўйича):

(+82) 10 8718-6850 (Aюбхон Aбдуллаев);

- Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Куанжу шаҳридаги ваколатхонаси (меҳнат миграцияси масалалари бўйича):

(+82) 10 8495-0027 (Одилжон Каримов).

Жанубий Кореяда 1 мартга келиб, 3 ярим мингдан ортиқ одам коронавирусга чалинди, 18 одам вирусдан ўлди.

Бу давлатда 75 мингдан ортиқ ўзбекистонлик бор.

Аввалроқ, Тошкентдан Жидда ва Мадинага рейслар тўхтатилгани, у ердаги ўзбекистонликларни қайтариш учун рейслар ташкиллаштирилиши хабар берилганди.

Ўзбекистон шу йилнинг 1 февралидан коронавирус эпидемияси туфайли Хитой билан ҳам авиақатновни вақтинча тўхтатган.

1 март ҳолатига кўра вирус 61та давлатда тарқалди.

Дунё бўйича 86 мингдан ортиқ минг ҳолат аниқланган. Уларнинг асосий қисми Хитойга тўғри келади - 2 минг 870 киши ўлди, 79 мингдан ортиқ одам касалланди.

Хитойдан ташқарида вирусдан ўлганлар сони 100 нафардан ошди.