Жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида коронавирус юқтириб олганлар сони 2 март тонгига келиб 89 минг нафардан ошиб кетди.
COVID-19 вируси тарқала бошлаган декабрь ойидан бери ундан қурбон бўлганлар сони 3046 кишига етди.
Айни пайтда вирус юқтириб олган 45 113 киши соғайиб кетди, дея маълум қилади WorldOmeter халқаро ахборот ресурси.
Қайд этилишича, Италияда сўнгги кеча-кундузда 500 дан зиёд одамга вирус юққан ва хасталар сони 1700 кишига етган. Бу мамлакатда янги вирус важидан 34 киши ҳаётдан кўз юмган.
Эронда коронавирус туфайли нобуд бўлганлар сони 54 кишига етган.
Чехия ҳукумати якшанба куни мамлакатда коронавирус юқтириб олган 3 киши қайдга олингани ҳақида маълумот тарқатди. Хасталарнинг уччаласи ҳам Италияда бўлиб қайтишгани айтилмоқда.
Франция пойтахти Парижда 1 март куни дунёда энг кўп одам кирадиган Лувр музейи очилгани йўқ. Ходимлар коронавирус хавфи туфайли музейни очишдан бош тортганлар. France-Presse агентлиги хабарига кўра, музейда ишлайдиган 300 ходим вирус юқтириб олишдан чўчиб, ёппасига ишга чиқмаслик ҳақида ўзаро келишиб олганлар. Франция қонунчилигига кўра, агар ходимнинг ҳаёти ва соғлиғи учун “жиддий ва муқаррар” хавф бўлса, у ўз мажбуриятларини бажаришдан бош тортиш ҳуқуқига эга. Шу кунда Францияда коронавирус юқиши билан боғлиқ 130 та ҳолат қайд этилган, икки хаста ҳаётдан кўз юмган.