Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 1 март куни Қоракамар қишлоғи аҳолиси билан учрашувда Қўрдай туманида 7-8 февраль кунлари юз берган миллатлараро тўқнашувлар оқибатида 11 кишининг ҳалок бўлишига икки жиноий гуруҳ ўртасида яширин бизнесни тақсимлашга интилиш сабаб бўлганини айтди.
- Маълумки, туманда контрабанда билан фаол шуғулланувчи одамлар бор. Бу бизнесга киришни бошқа бир гуруҳ ҳам истаган. Бир сўз билан айтганда, ноқонуний даромад манбаи устидан назорат масаласида икки жиноий гуруҳ ўртасида можаро келиб чиққан. Бунинг оқибатида кўплаб инсон зарар кўрган, 11 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда очиқ гапириш керак, - дея иқтибос келтиради Тоқаев сўзларидан президентнинг расмий сайти.
Тоқаев хавфсизлик идоралари олдида “миллатидан қатьий назар” айбдорларни жавобгарликка тортиш вазифаси турганини қўшимча қилган.
Қўрдай туманидаги тўқнашув замонавий Қозоғистон тарихидаги энг қонли миллатлараро можаролардан бири бўлди. Расмийлар можарога кекса кишининг шифохонага ётқизилиши билан тугаган йўлдаги муштлашув сабаб бўлганини билдирганлар. Мазкур ҳодисадан сўнг дунганлар истиқомат қилувчи Сўртўбе, Масанчи, Аухатти ва Булар-батир қишлоқларига қозоқ миллатига мансуб кишилар бостириб кела бошлаган. Ҳодиса уйлар, дўконлар, бизнес-корхоналар ва автомобилларга ўт қўйиш билан якунланган.
Қўрдай туманидаги тўқнашув ортидан 23 мингдан зиёд киши Қирғизистонга қочди. Кейинроқ қозоқ расмийлари қочқинларнинг аксарияти уйларига қайтганини билдирди.
Тоқаев якшанба кунги нутқида тўқнашувга “миллатлараро” деган сифатни тиркамаган бўлса-да, “миллатлараро муроса”га чақирган ва “жамиятда парчаланишга” йўл қўймаслик лозимлигини урғулаган. Унга кўра, “юз берган ҳодиса халқни ларзага солган”, можаро Қозоғистон халқи ва давлатига катта зарар етказган.