Жанубий Кореядаги ўзбекистонликларга ватанга қайтишдан тийилиб туриш тавсия этилди

Иллюстратив сурат.

Корея Республикаси ҳукумати томонидан коронавирус тарқалиши олдини олиш бўйича юқори тиббий технологияларнинг қўлланилаётгани ҳамда чет эл фуқароларининг малакали бепул даволаниши кафолатлаши боис Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги элчихонаси Ўзбекистон фуқароларига ватанга қайтиш фикридан тўхтаб туришни тавсия этади. Шу муносабат билан фуқароларга ўз соғлиқларини асраш ва вирусни тарқалишига қарши кураш бўйича Корея ҳукуматининг талабларига риоя қилиш тавсия этилади. Бу ҳақда Миграция агентлиги матбуот котибининг Телеграм-каналида тарқатган маълумотида айтилади.

Қайд этилишича, коронавирус тарқалишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон ҳудудида карантин чоралари татбиқ этилиши муносабати билан 2020 йил 1 мартидан авиақатновлар бир ҳафтадан фақат бир мартагина амалга оширилади.

Хусусан, қатновлар 8 март куни “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси томонидан, 15 март куни Корея Республикаси авиакомпаниялари томонидан, 22 март куни “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси томонидан ва 29 март куни Корея Республикаси авиакомпаниялари томонидан амалга оширилиши маълум қилинган.

Урғуланишича, Тошкентга қайтиб борган фуқаролар шаҳар ташқарисидаги махсус жойда 14 кун мобайнида карантинда сақланиб, тегишли кўрикдан ўтганларидан сўнггина уйга қайтишга рухсат берилади.