Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев коронавирус эпидемияси туфайли Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказиш режалаштирилган тадбирларни бекор қилди.
2 март куни Тоқаев Twitterда “Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Нур-султонда ўтказилиши режалаштирилган байрам тадбири ва концертни бекор қилиш қарорини қабул қилдим. Бундан мақсад коронавирус дунё бўйлаб тарқалиши олдини олишдир. Барча аёлларга мустаҳкам соғлиқ ва бахт тилайман", деб ёзди.
Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ҳар йили 8 март куни аёллар билан махсус учрашувларни ўтказар эди. Учрашувлар телевидение орқали эфирга узатилар, улар ортидан йирик концерт дастурлари уюштирилар эди.
Кейинги кунларда Қозоғистон коронавирус эпидемияси туфайли бир неча мамлакатдан авиарейсларни чеклади ёки бутунлай бекор қилди.
Хитойдан тарқалган вирус бугунга қадар 60 дан ошиқ давлатда 89 мингдан кўп одамга юқди. Қозоғистонда ҳали вирусга чалиниш ҳолатлари қайд этилгани йўқ. Бугунга қадар вирус келтириб чиқарадиган COVID-19 касаллиги 3000 дан ошиқ шахс ўлимига сабаб бўлди.